Ёввойи сабзи икки йиллик ўт ўсимлик. Пояси дағал туклар билан қопланган, қовурғали бўлиб, бўйи 30-100 см гача баландликка етади. Барглари тухумсимон ёки чўзиқроқ, қирқилган - чуқур тишсимон қиррали. Гуллари 10 - 50 та гача гулбандларини ўз ичига олган мураккаб соябонни ташкил қилади, гуллаш муддати тугагандан сўнг ғужанак бўлиб йиғилиб қолади. Гул бандлари олдида кўп сонли чизиқсимон ёки ингичка-чўзиқ тухумсимон қўшимча баргчалари бўлиб, одатда патсимон ажралган бўлади. Гул косача барглари майда, тож барглари оқ-қизғиш, камдан-кам сарғиш рангда бўлади. Меваси-майда, эллипссимон, қўшалоқ донча. Илдизи ингичка, оқиш рангли, еб бўлмайди.

Ўсимликнинг тарқалиши. Ўсимлик МҲД ларининг Оврупа қисмида, Кавказда ва Ўрта Осиёда, шу жумладан Ўзбекистонда кўп тарқалган.

Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида 1,4-2,0% гача эфир мойи, фуранохромонлар келлин, виснагин, пирано-кумарин виснадин ва бошқа моддалар бор. Эфир мойини 50-70% гача геранилацетат ва 10% гачасини соф гераниол ташкил қилади. Маҳсулот таркибидаги эфир мойи 1,4% дан кам бўлмаслиги керак

Ишлатилиши. Доривор препаратлари буйрак тош касалликларида, сийдик ҳайдовчи сифатида қўлланилади.

Дори турлари. Буйрак ва қовуқда тош бўлганда қўланиладиган "Уролесан" дори таркибига киради. Уролесан 100,0 дан флаконда чиқарилади.

Ибн Сино ёввойи сабзи мевасини пешоб ҳайдовчи сифатида ва турли-турли яраларни даволашда ишлатган.

ЁВВОЙИ САБЗИ

ИСИРИҚ

  • Кўп йиллик, бўйи 20-60 см га етадиган ўт ўсимлик. Илдизи ер остида 2 м гача чуқурликда жойлашган кўп бошли ўқ илдиз. Пояси бир нечта, сершох, туксиз бўлади. Барги оддий, чуқур 4-5 бўлакка ажралган, кулранг-яшил, сегментлари ўткир учли, ланцетсимон бўлиб, узунлиги 1-3,5 см. Поянинг пастки қисмидаги барглари қисқа бандли, юқоридагилари бандсиз, пояда кетма-кет жойлашган. Қўшимча барги 2 тадан, ланцетсимон шаклда. Гуллари шохларининг учки қисмида, якка-якка ва баргга нисбатан қарама-қарши жойлашган. Гулкосачаси асос қисмигача 5 га бўлинган бўлиб, мева билан бирга қолади. Тожбарги 5 та, оқ-сарғиш, оталиги 15 та, оналик тугуни 3 хонали, юқорига жойлашган. Меваси-шарсимон, 3 чаноқли, кўп уруғли, пишганда очиладиган кўсакча. Уруғи майда, 3 қиррали, жигарранг ёки қўнғир-кулранг, устки томонида майда чуқурчалари бор.

  • Исириқ май-июн ойларида гуллайди, меваси августда етилади.

  • Географик тарқалиши. Иссиқ шароитда, аҳоли яшайдиган ерларда, чўл ва ярим чўлда, бегона ўт сифатида экинлар орасида ҳамда тоғ бағирларида ўсади. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Кавказ, Украина ва Россиянинг Оврўпо қисмининг жанубида учрайди. Кимёвий таркиби. Ўсимлик илдизида 1,7-3,3%, поясида 0,23-3,57%, баргида 1,07-4,96%, гулида 2,82% ва уруғида 2,38-6,6% гача алкалоидлар бўлади.

  • Алкалоидлар йиғиндисидан гармалин, гармин (банистерин), гармалол, пеганин (вазицин), пегамин, пеганол, дезоксипеганин, пеганидин ва бошқа алкалоидлар ажратиб олинган.

  • Алкалоидлар йиғиндисининг 50-95% ини (уруғида) гармалин, 67-74% ини (илдизида) гармин, 78% ини (ер устки қисмида) пеганин ташкил этади.

  • Уруғида алкалоидлардан ташқари 14-23% ёғ ва қизил ранг берувчи пигмент учрайди.

  • Ишлатилиши. Исириқ халқ табобатида қадимдан тутқаноқ (қуёнчиқ) ва бошқа касалликларни даволашда тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилиб келинган. Шамоллаш касалликлари авж олган пайтларда исириқ тутуни билан бемор ётган хоналарни дезинфекция қилинади.

Илмий тиббиётда исириқнинг ер усти қисмидан олинган дезоксипеганин гидрохлорид препарати неврит, миостения, миопатия, ярим шоллик ва миянинг баъзи касалликларини даволашда ишлатилади.

Бундан олдин илмий медицинада исириқдан ажратиб олинган гармин алкалоидининг гидрохлорид тузи паркинсон (қўл, оёқ ва бошқа ерларнинг доимо титраб туриши) касаллигини даволашда ишлатилган. Кейинги вақтда пегармин препарати антихолинэстераз восита сифатида тиббиётда қўллашга тавсия этилган.

ҚИЗИЛМИЯ

Қизилмия кўп йиллик, бўйи 50–100, баъзан 150 см га етадиган, ер остки қисми кучли тараққий этган ўт ўсимлик. Илдизпояси кўп бошли, калта, йўғон бўлиб, ҳамма томонидан ер остида горизонтал жойлашган, учи куртак билан тамомланувчи новдалар ва пастга қараб битта асосий вертикал ўқ илдиз ўсиб чиққан. Асосий ўқ илдизнинг узундиги 4–5 м бўлади. Пояси бир нечта, тик ўсувчи, шохланмаган ёки кам шохланган, тукли бўлиб, майда нуқтасимон безлар ёки майда тиканлар билан қопланган. Барги тоқ патли мураккаб, 3–7 жуфт баргчалардан ташкил топган. Баргча эллипссимон, чўзиқ – тухумсимон ёки ланцетсимон, текис қиррали, ёпишқоқ безлар билан қопланган. Қўшимча барглари майда, ланцетсимон бўлиб, тўкилиб кетади. Гуллари қийшиқ, барг қўлтиғидан чиққан шингилга тўпланган. Гулкосачаси найчасимон, 5 та ланцетсимон ўткир тишли, гултожиси оқиш-бинафша рангли бўлиб, капалакгулдошларга хос тузилган. Оталиги 10 та, 9 таси бир-бири билан бирлашган, ўнинчиси бирлашмаган. Оналик тугуни юқорига жойлашган. Меваси – пишганда очилмайдиган ёки пояси қуригандан сўнг очиладиган дуккак.

Июн-август ойларида гуллайди, меваси август-сентябрда етилади. Географик тарқалиши. Бу ўсимлик шур тупроқли чўлларда, чўллардаги ариқ, канал ва дарё бўйларида, бегона ўт сифатида экинзорларда ўсади. Асосан Ўрта Осиёнинг чўл ва ярим чўл туманларида, Қозоғистон, Шимолий Кавказ, Закавказьеда ҳамда Украина, Молдова, Белорус, Россиянинг Оврупо қисмииннг жанубида (Азов денгизи бўйи, Дон ва Волга дарёларининг қуйи ва ўрта қисмида) катта ҳудудларда кўплаб учрайди. Маҳсулот Урал дарёсининг водийсида, Доғистон, Туркманистонда ва Ўзбекистонда (Амударё ва Сирдарё бўйларида) ҳамда Жанубий Қозоғистонда тайёрланади.

Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида 24% гача глицирризин (уч асосли глицирризин кислотанинг калий ва калций тузи) бўлади. Глицирризин гликозидларга ўхшаш модда бўлиб, тритерпен сапонинларга киради. У қандга нисбатан 40 марта ширин, гидролизланганда қанд ўрнида икки молекула глюкурон кислота (шунинг учун ҳақиқий гликозид эмас) ҳамда бир асосли глицирретин кислота (аглюкон) ҳосил қилади.

Қизилмия илдизида яна 28 тага яқин (4% атрофида) флавоноидлар (ликвиритин, ликвиритозид, изоликвиритин, ликурозид, лакрозид, глаброзид, изоглаброзид гликозидлари ва уларнинг агликонлари, 4-оксихалкон ва бошқалар), глицеррин (арил кумарин) ва гликозарин изофлавон бирикмалари, 2–4% аччиқ модда, тритерпеноид – олеанан, эфир мойи, витамин С, аспарагин, 6–34% крахмал, 20% гача моно ва дисахаридлар, пектин ва бошқа моддалар бор.

Қизилмиянинг ер устки қисми флавон гликозидларига бой. Ундан кверцетин, изокверцитрин, кемпферол, астрагаллин, изорамнетин, фолерозид, глифозид, сапонаретин, витексин, глабранин ва бошқа флавоноидлар ажратиб олинган. Флавоноидлардан ташқари, ер устки қисми таркибида яна сапонинлар, эфир мойи, ошловчи ва бошқа моддалар бор.

Ишлатилиши. Қизилмия ўсимлигининг препаратлари нафас йўллари касалланганда балғам кўчирувчи, сурункали қабзиятда эса енгил сурги дори сифатида ишлатилади. Илдизидан тайёрланган доривор препаратлар – глицирам астма, экзема, аллергик дерматит ва бошқа касалликларда қўлланади.

Ўсимлик препаратлари ҳамда глицирризин ва глицирретин кислоталари организмдаги сув-туз алмашинувини тартибга солиш ҳамда дезоксикортико-стероидларга ўхшаш таъсирга эга.

Илдизидан олинган флавоноидлар йиғиндиси – ликвиритон яллиғланишга, спазмага қарши ва антисептик восита сифатида меъда ширасида кислоталик ошиб кетган ҳолларда ҳамда меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигини даволаш учун ишлатилади.

Қизилмия кукуни (порошоги), қирқилган илдизи ва қуруқ экстракти фармацевтика практикасида ҳаб дори тайёрлашда асос сифатида ҳамда микстуралар, чой-йиғмалар таъмини яхшилаш учун ишлатилади.

Қизилмия илдизидан озиқ-овқат саноатида (пиво, лимонад ва кваслар таъмини ширин қилиш учун) ва техникада (ўт ўчирадиган кўпирувчи суюқлик тайёрлаш учун) кенг фойдаланилади.

Доривор препаратлари. Қуруқ экстракт, қуюқ экстракт, шарбат, глицерам (глицирризин кислотанинг моноаммонийли тузи), ликвиритон (илдиз флавоноидларининг йиғиндиси, таблетка ҳолида чиқарилади) ва флакорбин препаратлари; илдиз кукуни (порошоги) мураккаб қизилмия кукуни (порошоги), кўкрак касалликларида ишлатиладиган элексир, қирқилган (майдаланган) илдиз бўлакчалари эса кўкрак ва бавосил касаллигида ишлатиладиган ҳамда сийдик ҳайдовчи ва ич юмшатувчи чой-йиғмалар таркибига киради.

ҚИЗИЛЧА

Ўзбекистонда қизилчанинг 9 тури бор. Шулардан фақат қуйидаги иккитасидан эфедрин алкалоиди олинади тоғ қизилчаси ва чўл қизилчаси 

Tоғ қизилчаси (эфедраси). Бўйи 1,5 баъзан 2,5 м га етадиган икки уйли, сершох бута. Пояси жуда йўғон бўлиб, кулранг пўстлоқ билан қопланган. Шох ва шохчалари майда, калта, яшил рангли. Пастки шохчалари тўп-тўп, юқоридаги шохчалари қарама-қарши жойлашган. Барглари ниҳоятда редукцияланган, тангасимон бўлиб, шохларининг бўғимларида қарама-қарши жойлашган. Гуллари бир жинсли, оталик ҳамда оналик гуллари алоҳида ўсимликларда жойлашган. Оталик гуллари бошоққа (2-4 та гулдан иборат) тўпланган бўлиб, ҳар кайси оталик бир-бирига қўшилиб кетган иккита баргча билан ўралган. Оналик гуллари ички ва ташқи (очиқ) қоплағич билан ўралган уруғ куртакдан ташкил топган. Уруғ куртакни майда гулёнбарглари ўраб туради. Уруғ куртакдан қизил рангли, битта уруғли ғудда мева пайдо бўлади. Уруғ куртакнинг ташқи қоплағичи ғудда меванинг серсув қисмини, ички қоплағичи эса қаттиқ пўстини ҳосил қилади.

Май - июн ойларида гуллайди, ғудда меваси июл - августда етилади.

Географик тарқалиши. Тоғ қизилчаси (эфедраси) денгиз сатҳидан 1000-1800 м баландликдаги тоғ ёнбағирларида, қуруқ, шағалли очиқ қияларда ўсади. Асосан Ўрта Осиёнинг Тян – Шан, Помир-Олой, Жунгар Олатау ва Копет-Даг тоғларида, қисман Олтой ва Кавказда учрайди. Маҳсулот Қозоғистоннинг Олма-ота, Жамбул вилоятларининг, Қирғизистон ва Ўзбекистон (Зарафшон водийсида) республикаларининг тоғли туманларида тайёрланади.

Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида 0,6-3,2 % алкалоид бўлади (cтaндapтгa кўра абсолют қуруқ маҳсулот таркибидаги алкалоидлар йиғиндиси 1,6 % дан кам бўлмаслиги керак). Алкалоидлар йиғиндисининг тахминан 90 % ини эфедрин, қолган қисмини эса псевдоэфедрин ва метилэфедрин алкалоидлари ташкил этади. Маҳсулот таркибида алкалоидлардан ташқари, фенол кислоталар (бензоат, долчин, n-кумар, протокатех ва бошқалар), 660 мг % витамин С, 7-14,04 % ошловчи ва бўёқ моддалар учрайди.

Ишлатилиши. Эфедрин киши организмига адреналинга ўхшаш таъсир қилади (симпатик нервларни қўзғатади, қорин бўшлиғи ва теридаги қон томирларни ниҳоятда торайтиради). У адреналиндан асосан кам заҳарлилиги, секин, лекин узоқ таъсир қилиши билан фарқ қилади.

Эфедрин оғир операция ёки травмадан сўнг кўп қон йўқотилиши натижасида юз берган коллапс ҳолатида, қон босими пасайганда (гипотония), миастения, аллергик бронхиал астма, пичан иситмасида (пичан астмаси), эшакем тошганда вазомотор тумов ва бошқа касалликларда ишлатилади. Бундан ташқари, эфедрин алкалоиди морфин, скополамин ва ганглиолитиклар билан заҳарланганда ҳам қўлланилади.

Доривор препарати. Эфедрин гидрохлорид кукун (порошок), таблетка ва ампуладаги эритма ҳолида чиқарилади. Эфедрин гидрохлорид турли комплекс препаратлар таркибига киради.

Чўл қизилчаси (эфедраси) - морфологик жиҳатдан тоғ қизилчасига жуда ўхшаб кетади. У тоғ қизилчасидан бўйининг пастлиги (1 м гача), уруғ куртаги найчасининг узунлиги (4-5 мм) ва ғудда мевасининг иккита уруғлилиги билан фарқ қилади. Чўл қизилчаси тоғ қизилчаси ўсадиган туманларда тоғнинг паст қисмидаги қуруқ жойларда ва ярим чўлларда ўсади.

Чўл қизилчасининг ер устки яшил қисми таркибида 0,5-2,2 % алкалоид, 2,34-8,13 % ошловчи ва бўёқ моддалар бўлади. Алкалоидлар йиғиндисининг 70-95 % ини псевдоэфедрин алкалоиди ташкил этади. Чўл қизилчасида тоғ қизилчасига нисбатан алкалоидлар кам бўлади, шу сабабли у тоғ қизилчаси етишмаган тақдирдагина тайёрланади.

Оддий қизилча (эфедра) (Қузмич ўти) - Ephedra distachya L. бўйи 10-20, баъзан 50 см га етадиган бута. Чўл, ярим чўл ва тоғ бағирларида ўсади. Асосан Собиқ Иттифоқ Оврўпо қисмининг жанубида, Fарбий Сибирда, Кавказда ҳамда Ўрта Осиёда учрайди.

Оддий қизилчанинг ер устки яшил қисми таркибида 0,25-1,7 % алкалоид, 240-371 мг % витамин С ва ошловчи моддалар бўлади. Алкалоидлар йиғиндисининг 65 % ини эфедрин ташкил этади. Бу ўсимликдан эфедрин алкалоиди олинмайди. Оддий қизилча дамламаси халқ тиббиётида бод касаллигида ҳамда ҳазм органлари ва нафас йўллари касалланганда ишлатилади.

Хозир ҳам бу ўсимликдан тайёрланган дамламани бод ва бошқа шамоллаш касалликларини даволашда ичиш тавсия этилади.

ҚИРИҚБЎҒИМ

Дала қирқбўғими кўп йиллик, спорали ўсимлик. Илдизпояси узун бўлиб, ундан ер остига ингичка қорамтир илдизлар, ер устига эса 2 хил поя ўсиб чиқади. Ўсимлик пояси баҳорги ва ёзги бўлади. Баҳорги поя жигарранг, юмшоқ, бўйи 15 – 20 см бўлиб спора ҳосил қилади. Поянинг учки қисмида халқа шаклида спора барглари жойлашган. Спора барглари 6 қиррали, бир - бирига зич ёпишган, марказдан чиққан ингичка банд орқали ўзакка бирикиб туради. Спора баргларининг остки томонида спорангиялари бор бўлиб ичида споралар пайдо бўлади. Споралар етилганда бошоқ чўзилади спора барглари ажралиб кетиб, спорангиялар ёрилиб, споралар ҳар томонга сочилиб кетади. Қулай ерга тушган споралар униб чиқади, ўсимтага, яъни қирқбўғимнинг жинсий насли – гаметофитга айланади. Ўсимталар 2 ўйли 1 жинсли бўлиб биринчисида фақат оталик жинсий органи антиредиялар, иккинчисида эса оналик жинсий органи архегониялар, тараққий этади. Оталанган архегониянинг тухум ҳужайраси эмбрионга айланади, ундан эса ёш қирқбўғим (жинсиз насли) ўсиб чиқади. Баҳорги пойлар споралар сочилиб кеттандан сўнг қуриб қолади. Ёзги поя яшил рангли, қаттиқ, тўп - тўп шохланган, баргсиз бўйи 50 - 60 см, спора ҳосил қилмайди.Географик тарқалиши. МХД нинг чўл ва ярим чўл

районларидан ташқари ҳамма ерда ўсади.Кимёвий таркиби. Маҳсулотда яхши ўрганилмаган 5% гача эквизитонин сапонини бор, ундан ташқари алкалоидлар, фловоноидлар (нарингенин, изокверцетрин, эквизитерин, кемферол, апигенин, кверцетин) витамин С, органик кислоталар, 25% гача силикат кислоталари (сувда эрийдиган) бўлади. Яна ошловчи ва аччиқ моддалар ҳам бор.

Ишлатилиши. Қирқбўғим препаратлари сийдик йўллари касаллигида, сийдик ҳайдовчи сифатида қўлланилади. Ўпка сили касаллигида силикатлар алмашинувининг бузилишини даволашда ва ички органлардан кетаётган қонни тўхтатишда ишлатилади. Баъзан буйрак касаллигида (нефрит, нефроз) ишлатилади.

Доривор препаратлари. Суюқ экстракт, қайнатма, дамлама. Маҳсулот яна сийдик ҳайдовчи чой, йиғмалар таркибига киради.

ОДДИЙ ИГИР

Кўп йиллик, бир паллали ўт ўсимлик. Илдизпояси 1,5 м узунликда, горизонтал жойлашган, судралиб ўсувчи, шохланган ва кўп илдизли, йўғон бўлиб, устки томони қўнғир ёки яшил-сарғиш тусли. Илдизпоянинг юқори томонидан барг тўпламлари ўсиб чиққан. Барги чизиқсимон ёки қиличсимон, узунлиги 60-120 см, текис қиррали ва параллел томирланган (бир паллали ўсимликларга хос). Пояси (гул ўқи) яшил, тик ўсувчи, шохланмаган, уч қиррали, баргсиз, бир томони тарновсимон, иккинчи томони эса ўткир қиррали. Пояда икки жинсли, сўтага тўпланган сариқ гуллар бўлади. Сўта цилиндрсимон-конусга ўхшаш бўлиб, узунлиги 4-12 см. Гул тўплами - сўта ёнидан 50 см узунликда ўровчи (қинли) барг чиқади. Гулқўрғони кўримсиз, оддий, олти баргли, оталиги 6 та, oнaлик тугуни уч хонали, юқорига жойлашган. Меваси - чўзинчоқ кўп уруғли, қизил ҳўл мева. Илдизпоя ва барги ҳидли, майда илдизлари ҳидсиз.

Май ойи охиридан бошлаб июлгача гуллайди.

Географик тарқалиши. Дарё, кўл ва ҳовуз бўйларида, кўлмакларда, ботқоқлик ўтлоқларда ва ботқоқ атрофларида ўсади. Молдова, Украина, Белорус, Болтиқ бўйи, Россиянинг Оврўпо қисмининг жанубида, Қозоғистонда (Иртиш дарёси бўйида), Сибир, Якутия, Узоқ Шарқда, қисман Кавказ ва Ўрта Осиё (Ўзбекистоннинг Хоразм ва Самарқанд вилоятларида) да учрайди.

Маҳсулот асосан Белорус ва Украинада тайёрланади, лекин Қозоғистон ва Амур дарёсининг ўрта оқимида йиғиш мумкин.

Кимёвий таркиби. Игир илдизпояси таркибида 5% гача эфир мойи, аччиқ акорин гликозиди, ошловчи моддалар, смола ва 25,5% гача крахмал бўлади. Игир барги таркибида эфир мойи, 150 мг % гача витамин С ва ошловчи моддалар бор.

Эфир мойи таркибида 1 % пинен, 7 % камфен, 8,7% камфора, 3 % борнеол, 17 % сесквитерпен спиртлари, 10% каламен, проазулен, акорагермакрон, шиобунон, акарон, гвайен, сирка ва валериан кислоталар ҳамда бошқа бирикмалар бор.

Ишлатилиши. Игир препаратлари аччиқ-хушбўй дори сифатида иштаҳа очиш ва овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилаш учун ишлатилади.

Олдинги вақтларда буйрак, жигар ҳамда ўт пуфаги касалликларини даволашда қўлланилган.

Игир илдизпояси парфюмерияда ва озиқ-овқат (ликёр тайёрлашда) саноатида ҳам ишлатилади.

Доривор препаратлари. Қайнатма. Илдизпоя аччиқ настойка, аччиқ ровоч настойкаси ва меъда касалликларида ҳамда иштаҳа очиш учун ишлатиладиган йиғмалар-чойлар таркибига киради.

Игир илдизпоясининг эфир мойи буйрак ва ўт йўллари тош касаллигини даволашда ҳамда унинг олдини олишда ишлатиладиган «Олиметин» препарати, илдизпоя кукуни (порошоги) - меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигида ишлатиладиган «Викалин» ва «Викаир» препаратлари таркибига киради.

САССИҚ КОВРАК

Табобатда таркибида киши организмига ижобий таъсир этувчи, биологик фаол моддаси мавжуд бўлган ўсимликлар органлари ишлатилади. Одатда доривор маҳсулотлар сифатида ўсимликларнинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан фойдаланилади.

Коврак (Ferula) туркуми селдердошлар (соябонгулдошлар)-Apiaceae (Umbliferae) оиласига мансуб бўлиб кўп йиллик ўт ўсимликлардан иборат. Ковракнинг ер юзида 160 дан зиёд турлари, Ўрта Осиё республикаларида 104 тури, Ўзбекистонда эса 50 дан зиёд турлари учрайди. Маҳаллий аҳоли коврак туркумининг ҳар хил турларига қараб сассиқ коврак, рова, равшак, камол, мўрча камол ва бошқа номлар билан аташади.

Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади, булар сассиқ коврак, рова, куҳистон кавраги ва бошқа номдаги ковраклар ҳисобланади, бу турлар, ташқи марфологик жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам ўхшаб кетади, аммо табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida) кенг тарқалган бўлиб, республикамизда тайёрланиб истеъмолчиларга етказиб берилаётган смола-елим асосан шу турдан олинади.

Ковракнинг бўйи 1.5-2 метргача етади, илдизи йўғон 15-20 смгача етади, лавлагисимон чуқур жойлашган. Ўсимлик пояси 8-9 йилда бир маротаба ўсиб чиқади ва гуллайди-монокарп. Пояси тик ўсувчи, йўғон, ичи ковак юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари бандли, уч марта ажралган. Барг бўлаклари чўзинчоқ, ёки ланцетсимон.Поядаги барглари майдароқ, ташқи томони жуда кўп туклар билан қопланган бўлиб, пояда қини билан кетма-кет ўрнашган. Гуллари мураккаб соябонга тўпланган. Гули оч сариқ, косачасиз, тожбарги 5 та, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастда жойлашган. Меваси икки бўлакли донача.

Март-апрел ойларида гуллайди, меваси апрел-майда пишиб етилади.Ўсимликнинг ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1.5-2 ой яшайди.

Коврак туркумига мансуб турлар Кавказ, Ўрта Осиё республикалари, Ғарбий Сибирда, Ўрта ерденгизи минтақаларида, Эрон, Афғонистон, Покистон, Хитой ҳамда Ҳиндистонда кенг тарқалган.Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларида қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди яланглиқларда, соф тупроқли ерларда ўсади.

Тиббиётда ишлатиладиган елим-смола таркиби эфир мойлари, унга саримсоқ ҳиди берувчи органик сульфидлар, пинен, кумаринлар ва бошқа бирикмалардан ташкил топган.

Ковракнинг елим-смоласи ҳалқ табобатида томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволаш учун, ҳамда қувват берувчи, балғам кўчирувчи ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади.

Ковракнинг жуда ёш новдаларини янчиб, қатиқга қориб хавфли шишлар ва захмга даво қилинади. Елим-смоланинг спиртли тиндирмаси (настойкаси), эмулся ва ҳапдори ҳолида астма, томир тортиши ва асаб касалликларида ишлатилади. Илмий медицинада коврак елим-смоласи- “асса фоетида” номи билан кукун, эмулсия ва спиртли тиндирма (настойка) ҳамда оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармакопеясига киритилган. Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Коврак илдизидан смола-елим олиш эрта баҳордан бошланиб кузгача давом этади, шунинг учун ҳам смола олиш даврлари баҳор ва ёз фаслларига бўлинади. Баҳорги босқич бу тайёргарлик кўриш даври ҳисобланиб, бу босқичда елим-смола олинадиган майдон белгиланиб, ковракнинг умумий захираси аниқланади ва елим-смола олинадиган ўсимликлар белгиланиб чиқилади. Коврак, эслатиб ўтканимиздек, монокарп ўсимлик бўганлиги учун барча тупида пояси бўлмайди, шунинг учун ҳам ўсимликни илдизини поя ва ер устки барглардан тозалаб, смола олишга тайёрлаш лозим. Бунинг учун коврак илдизи атрофини 5-10 см чуқурликда ва 20-25 см кенгликда ковлаб, илдизининг тепа қисми очилади. Коврак илдизини устки қисми очилгандан сўнг, елим-смола олиш учун кесиб қўйилади, 5-6 кун ўтгандан сўнг сифатли елим-смола “Донак” шираси йиғилади, ва тўпланган елим-смола йиғиштирилиб олинади, сўнг яна янги жойдан кесиб қўйилади, мавсум давомида, ўсимлик илдизининг катта кичиклигига қараб 15-20 маротаба кесик қилиш мумкин. Елим-смола йиғиш мавсуми тугагандан сўнг, ҳар бир тупни устини тупроқ билан ёпиб қўйиш керак, келгусида ўсимлик қуриб қолмаслиги учун.

Коврак елим-смоласи қадимдан Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда тайёрланиб, ишлатилиб келинади. Қўшни республикалар, хусусан Тожикистонда бир неча йиллардан бери тайёрланмоқда. Бизнинг республикамизда эса коврак елимини тайёрлаш расман 2006 йилдан бошланди. Бунда давлат ўрмон хўжаликлари билан бир қаторда фермер хўжаликлари ва айрим хусусий тадбиркорлар фаъолият кўрсатиб келмоқдалар. Шуни таъкидлаш лозимки, ковракдан смола-елимини олиш учун биринчи навбатда ковракни табиий биологик ва эксплуатацион захираларини аниқлаб, катта масштабдаги харитасини тузиб, улардан табиатга зарар етказмасдан, ўсимлик табиий шароитда қайта тикланишига имконият яратиш керак, табиий майдонларни участкаларга бўлиб йилма-йил, навбатма-навбат елим-смола тайёрлашни амалга оширмоқ лозим. Елим-смола тайёрлашда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак.

  • елим-смола етилган, катта ёшдаги ўсимлик тупидан олиш тавсия этилади;

  • биологик жиҳатдан етилмаган 2-3 ёшли ўсимликлардан елим-смола олиш тақиқланади;

  • ҳар бир 10 м2 майдондаги 5 та етилган ўсимликлардан учтасидан елим-смола олиш мумкин тайёрлаш даврида гуллаган ўсимликдан елим-смола тайёрлашга йўл қўймаслик керак;

  • коврак ўсимлигини келаси йилларда кўпайтириш учун уруғ олиш мақсадида, ҳар бир 400-500 м2 майдонда 2-3 туп гуллаган ва уруғ боғлаган ўсимликларни қолдириш мақсадга мувофиқдир

Ковракнинг табиий захираларини камайиб кетишини олдини олишнинг асосий йўлларидан бири бу, коврак ўсадиган табиий шароитда уларни экиб кўпайтиришдан иборат. Бунинг учун, ёзда пишиб етилган коврак уруғидан тайёрлаб, тозаланган уруғни кузда табиий шароитда коврак ўсадиган майдонда 5-10 см чуқурчалар ковлаб, ҳар бир чуқурчага 3-5 дона уруғ қадаб, устини тупроқ билан ёпиб чиқиш тавсия қилинади.

Бундай тавсия, ўрмон хўжалиги ходимлари, фермерлар ва хусусий тадбиркорлар учун, коврак ўсимлигини биологик хусусиятларидан келиб чиқган ҳолда таклиф қилинмоқда, зеро коврак, табиий шароитда етилган уруғидан кўпайиб, кенг майдонда ўсиб ривожланади.

Келажакда мутахассислар томонидан ковракнинг табиий шароитда био-экологик хусусиятларини ўрганиб, уларни маданий ҳолда кўпайтириш ва етиштириш муаммосини ҳал қилиш фанимиз олдидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

АЧЧИҚ ТАРОН

Ўсимликнинг номи. Аччиқ тарон - Polygonum hydropiper L. Оиласи. Торондошлар - Polygonaceae.

Аччиқ торон бир йиллик ўт ўсимлик бўлиб бўйи 20-70 см га етади. Пояси тик ўсувчи, пастки қисми қизил рангли.

Барги оддий, пасткилари қисқа бандли, бошқалари бандсиз, кетма-кет ўрнашган. Гуллари майда, кўримсиз, эгилган бошоқсимон шингилга тўпланган. Меваси-ёнғоқча.

Географик тарқалиши. МХД нинг шимолий қисмидан бошқа ҳамма ботқоқлар ва, ариқ бўйларида тарқалган.

Кимёвий таркиби. Маҳсулотда 2-2,5 % флавоноидлар (рамнетин, изорамнетин, рутин, кварцетин, гиперозид, кверцетрин ва бошқалар) персикарин флавоноиди, органик кислоталар, витамин К, ошловчи моддалар ҳам бор.

Ишлатилиши. Аччиқ торон ўсимлигининг препаралари ички органлардан қон кетишини тўхтатувчи дори сифатида, акушер ва гинекологик амалиётида, бавосил касалини тузатишда қўлланилади.

.

Доривор препаратлари. Суюқ экстракт - Extractum Polygoni hydropiperis fluidum, дамлама - Infusum herbae polygoni hydropiperis, гидропиперин - (флавон гликозидларнинг йиғиндиси). Anesthesolum - шамчаси таркибига киради

ТЕМИР ТИКАН

Темиртикан поясининг узунлиги 10–100 (баъзан 300) см га етадиган, асос қисмидан шохланган, тукли, ётиб ўсувчи бир йиллик ўт ўсимлик. Барглар 5–8 жуфт баргчалардан ташкил топган, майда ёндош баргчали жуфт патли мураккаб бўлиб, қисқа банди ёрдамида поя ва шохларида қарама-қарши жойлашган. Гуллари майда, сариқ рангли, беш бўлакли ва калта бандли бўлиб, якка-якка ҳолда барг қўлтиғига ўрнашган. Меваси – пишганда беш (ёки 2–4) та юлдузсимон жойлашган учбурчак – понасимон, қаттиқ, 2–4 тиконли ёнғоқчаларга ажраладиган қуруқ тўп мева.

Апрел-май (шимолий чегараларда июн-июл) ойларида гуллайди, июн-июлда (августда) меваси пишади.

Географик тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Россиянинг жануби, Қрим ва Кавказ даштларидаги ярим чўл ва оазисларда, тепаликларда, сойларда, дарёларни баланд қирғоқларида, темир йўл ва йўл ёқаларида, ифлос ҳамда бошқа ерларда ўсади.

Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида стероид сапонинлар, алкалоидлар (гарман ва бошқалар), флавоноидлар, витамин С, бўёқ, ошловчи ва бошқа моддалар, мевасида 5% гача ёғ бўлади.

Ишлатилиши. Доривор препаратлари атеросклерозга қарши, қонда холестериннинг миқдорини камайтириш ва сийдик ҳайдаш

таъсирига эга ҳамда меъда шираси камайиш ҳолларини даволашда яхши натижалар олинган. Трибуспонин препарати атеросклерозни (умумий, мия ва юрак қон-томирлари склерозини) даволаш учун ишлатилади. Доривор препаратлари. Трибуспонин (маҳсулотни стероид сапонин-ларнинг йииндиси) таблетка ҳолида чиқарилади. Ўсимликдан олинган диосгениндан гормонал препаратларни синтез қилишда фойдаланилади.

ЧЕРКЕЗ

Бўйи 2—3, баъзан 5 м га етадиган бута ёки кичик дарахт. Йўғон шохларининг пўстлоғи оч кулранг, ёш, бир йиллик новдаларининг пўстлоғи эса оқ рангли бўлади. Барги оддий, цилиндрсимон ёки ипсимон, тукли, серсув, пояга ўрнашган жойи бир оз кенгайган, 2-9 см узунликда бўлиб, пояда кетма-кет жойлашган. Баҳорда барглари яшил бўлади, май ойида эса улар сарғайиб, тўкила бошлайди. Кузда ўсимликда деярли барг қолмайди. Гуллари якка-якка ҳолда барг қўлтиғига жойлашган бўлиб, поя учида бошоқсимон тўпгулни ташкил этади. Ҳар қайси гулда иккита ўткир учли, ярим айлана шаклидаги гулолди баргчаси бўлади. Гулқўрғони оддий, гултожиси қўнғир рангли, 5 та баргли, оталиги 5 та, оналик тугуни бир хонали, юқорига жойлашган. Меваси — гулқўрғони билан бирлашган бир уруғли ёнғоқча. Май ойининг охиридан бошлаб, ноябргача гуллайди, меваси июлда пиша бошлайди. Географик тарқалиши. Ўрта Осиёнинг Қизилқум ва Қорақум чўлларида ўсади. Ўсимлик илдизи яхши тараққий этган бўлиб, қум кўчишига халақит беради. Шунинг учун қум кўчишини тўхтатиш учун чўл туманларида темир йўллар ёқасига экилади.

Кимёвий таркиби. Ўсимликнинг барча қисми таркибида 0,7-1,6 %, мевасида 1,6% гача алкалоидлар бўлади. Мевасида ўрта ҳисоб билан (ГОСТ бўйича) 1,1 дан кам бўлмаган миқдорда алкалоидлар сақланиши керак. Асосий алкалоидлари - салсолин, салсолидин. Маҳсулотда яна жуда оз микдорда салсомин алкалоиди бўлади. Ишлатилиши. Маҳсулот алкалоидлари гипотензив таъсирга эга. Шунинг учун черкез препаратлари гипертония ва бош оғриғи касалликларида ишлатилади. Бу алкалоидлар тинчлантирувчи таъсирга ҳам эга. Салсолидин салсолинга нисбатан кучсизроқ таъсир этади.

ЯНТОҚ

Бўйи 30-130 см га етадиган тиканли кўп йиллик ўсимликлар туркуми. Пояси тик ўсувчи, шохланган. Барглари тухумсимон, тескари – тухумсимон, чўзиқ думалоқ ёки ланцетсимон, текис қиррали бўлиб, поя ва шохларда қисқа банди ёрдамида ёки бандсиз кетма-кет ўрнашган. Пушти ёки қизил рангли, капалакдошлар кенжа оиласига хос типда тузилган беш бўлакли гуллари 3-8 тадан тиканларга жойлашган. Меваси – кўп уруғли, тасбехсимон, пишганда очилмайдиган дуккак.Янтоқ турлари май-сентябр ойларида гуллайди, меваси август – октябрда етилади.

Ўзбекистонда ўсадиган янтоқни қуйидаги тўртта тури овқатга ва халқ медицинасида ишлатилади.

Қирғиз янтоғи – Янтак киргизский;

Сохта янтоқ – Янтак ложный;

Шакар янтоқ –  Янтак персидский;

Сийрак барг янтоқ – Янтак рыхлолистный. Уларнинг ер устки қисми таркибида сапонинлар, урсол кислота, флавоноидлар (рутин, кверцимеритрин ва бошқалар), кумаринлар, эфир мойи, С, В, К витаминлари, каротин, органик кислоталар, қандлар, алкалоидлар, шиллиқ, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Шакар янтоқ август-сентябрь ойларида ўзидан ширин суюқлик чиқаради. 2-3 кундан сўнг бу суюқлик қотиб, қанд заррачасига –

маннага айланади. Манна таркибида кўп миқдорда трисахарид ва бошқа бирикмалар бўлади. Илдизининг қайнатмаси ва баъзан, дамламаси халқ табобатида ичбуруғ, бавосил, меъда яраси, жигар ва бошқа касалликларни, яраларни дволаш учун ҳамда ўт ва сийдик ҳайдовчи, терлатувчи ва сурги дори сифатида қўлланилади. Ер устки қисмидан тайёрланган дамламаси юқорида кўрсатилган касалликлардан ташқари, яна томоқ оғриғи, тонзиллит, стоматит, йирингли отит (қулоқнинг йирингли яллиғланиши), бурун-томоқ яллиғланиши, бачадон яраси ва буруштирувчи восита сифатида ичкетар, меъда-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Шакар янтоқ маннаси ёш болаларга сурги сифатида берилади, лекин чечак билан касалланган болаларга манна бериб бўлмайди. Илдиз ва ер устки қисмининг қайнатмаси, суюқ экстракти ва дамламаси сийдик ҳайдаш, терлатувчи, қон оқишини тўхтатувчи, яллиғланишга қарши таъсир этувчи ва яраларни даволовчи хоссаларга эга эканлиги тажрибаларда тасдиқланган ва илмий тиббиётда ишлатишга тавсия этилган.

АЧЧИҚМИЯ

Кўп йиллик, оқиш-яшил рангли, бўйи 30-60 см га етадиган ўт ўсимлик. Пояси бир нечта, тик ўсувчи, асос қисмидан бошлаб шохланган. Барги тоқ патли мураккаб бўлиб, банди билан пояда кетма-кет жойлашган. Гуллари оч сариқ, қийшиқ, капалаксимон, шингилга тўпланган. Меваси – йўғон, қўнғир рангли, тўғноғич- симон, майда сийрак тукли, 1-2 уруғли, пишганда очилмайдиган дуккак. Уруғи эллипссимон, икки томони яссироқ, бироз ялтироқ бўлиб, тўқ жигарранг ёки қора ранга бўялган. Май-июн ойларида гуллайди, меваси июл-августда етилади. Ўсимликнинг ҳамма қисми заҳарли. Географик тарқалиши. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг чўл ва ярим чўлида, қирларида, тоғ этакларида, қумли ерларда ҳамда бегона ўт сифатида буғдойзорларда ўсади.

Маҳсулот, асосан Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида тайёрланади. Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимликнинг ер устки қисми гуллашидан олдин, гуллаганида ёки гуллаб бўлганидан сўнг ўриб олинади. Соя, қуруқ ва ҳаво кириб турадиган жойда қуритилади.

Кимёвий таркиби. Ўсимликнинг ер устки қисми таркибида 2-3 % (уруғида, 4% гача, ер остки қисмида 1,5-3%) алкалоидлар бўлади. Маҳсулотдан ўсимликнинг асосий алкалоиди бўлмиш пахикарпиндан ташқари пахикарпидин, софорамин, софокарпин, матрин ва бошқалар, уруғидан софокарпин ва матрин алкалоидлари ажратиб олинган.

Ишлатилиши. Тиббиётда бу ўсимлик алкалоидларидан фақат пахикарпин қўлланилади. Пахикарпин алкалоиди периферик қон томирлари спазми, сурункали экзема ва гипертония касалликларида, мускул дистрофияларида (миопатияда) ҳамда асосан туғруқни тезлаштириш учун ишлатилади. Доривор препарати. Алкалоид тузи - пахикарпин гидройодид (пахикарпин йодгидрат) кукун (порошок) ва таблетка ҳолида ҳамда 3% ли эритмаси 2 мл дан ампулада чиқарилади.